• Uzbek
  • Russian
  • English
 
Main arrow Internship International arrow 14-ЯНВАР – ВАТАН XИМОЯЧИЛАРИ КУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУНИ ОЛДИ  
Wednesday, 29 January 2020
14-ЯНВАР – ВАТАН XИМОЯЧИЛАРИ КУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУНИ ОЛДИ
“Аскари бақувват юртнинг
давлати қудратли бўлур,
давлати бақувват юртнинг
аскари қудратли бўлур”

 
Амир  ТЕМУР.
ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ


     14-ЯНВАР – ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУНИ ОЛДИДАН
    
     Албатта, ҳар бир давлатнинг мудофааси мустаҳкам бўлсагина, юртда тинчлик ва  осойишталик ҳамда  фаровонлик ҳукм суради. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Амир Темур даврида давлатни давлат даражасига кўтариш учун аввало, аскарлар ва ҳарбий соҳасига катта эътибор қаратилган ҳамда бу соҳа мунтазам такомиллаштирилиб борилган. Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида ҳарбий соҳадаги ислоҳотларни тубдан янгилашга қаратилган қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилиндики, бу ислоҳотлар бугун ўзининг юксак натижалари бермоқда. Биргина миллий армиямизни такомиллаштирилишига қаратилган ислоҳотларни оладиган бўлсак, бундан 21 йил муқаддам қабул қилинган бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий мавқеи узил-кесил ва энг юксак даражада мустаҳкамланди. Унинг 125-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади” деб белгиланиши давлат  Қуролли Кучларининг асл мақсад ва вазифаларини дунё ҳамжамияти олдида яна бир бор намоён этди. Ватан ҳимояси мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун шарафли бурч эканлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида белгилаб қўйилди. Бу бежизга эмас, албатта. Буни мамлакатимиз тинчлиги ҳамда сарҳадларимиз дахлсизлиги борасидаги дастлабки ислоҳотларнинг пойдевори сифатида эътироф этишимиз мумкин.
        Бундан ташқари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фаолиятининг ҳуқуқий негизини яратиш мақсадида мамлакат XII чақириқ  Олий  Кенгашининг 1992 йил 3 июлдаги  X сессиясида Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва Ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Муқобил хизмат тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди. Мазкур қонунлар асосида мамлакат мудофаасини ташкил этиш, фуқароларни ҳарбий хизматни ўташларининг ҳуқуқий асослари яратилди. “Мудофаа тўғрисида”ги Қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазирлиги Мудофаа вазирлигига айлантирилди.  
Мамлакатимизда бу қонунларнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда йиллар давомида уларда белгилаб берилган аниқ чора-тадбирлар  изчиллик билан амалга оширилиб, ҳарбий ислоҳотлар натижаси улароқ  ягона  бирлашган тизим вужудга келтирилди. Яъни, Ўзбекистон Қуролли кучлари сафи мустаҳкамланди.  
14-январ мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг ташкил топган куни ҳамда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади ва соҳада ислоҳотлар юксак эътироф этилади.
        Мамлакатимизда бу кунни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланиб бораётганлиги бежиз эмас, албатта. Сизу - бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди.    
       Ана шундай фидойи фарзандлар бор экан, эртанги кунга ишончимиз янада ҳам юксалиб бораверади. Зеро, Президентимиз, Қуролли кучларимиз Олий Бош қўмондони алоҳида таъкидлаганидек, «... бугунги кунда Ўзбекистон амалда ўзининг замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя килишга қодир бўлган миллий армиясига эга, деб айтиш учун барча асосларимиз бор». Шундай экан, бу тизимдаги ислоҳотларни янги чўққига кўтариш учун кечаги амалга оширган ислоҳотларимиз бугун ўзининг самараларини бераётир. Муддатли ҳарбий хизматга бўлган эътибор бугун юксак даражага кўтарилганлигининг ҳам асл моҳиятида мазкур тизимда амалга оширилган ислоҳотлар мужассам этилганлигини яққол кўришимиз мумкин. Ҳарбий хизматга жисмонан бақувват, маънан соғлом ва ҳар томонлама етук йигитларнинг саралаб олинишининг моҳиятида эса соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган юксак мазмун мужассам. Бундай ислоҳотлар албатта, ўзининг самараларини бугун кўрсатмоқда.       
       Демак, сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги ишончли қўлларда.
       Бугунги кунда ана шу тинч-осойишталигимизни ҳимоя қилаётган юрт фарзандларини юксак эътироф этишга қаратилган сана  муносабати билан юртимизда қатор маънавий-маърифий ҳамда тарғибот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бунда Ватанни кўз қорачиғидек асраш ҳамда бу йўлда Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини кенг тушунтириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.  
      Айни кунларда Самарқанд вилояти ҳокимининг 18-декабр 2013 йилдаги 04/3-486 сонли йиғилиш баёни қарори асосида вилоятдаги умумтаълим ўрта мактабларида 14-январ “Ватан ҳимоячилари куни”нинг мазмун моҳияти, миллий армиямиз ва бу соҳада эришаётган ютуқларимизни кенг тушунтириш мақсадида тарғибот гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори Т.Э.Остонақулов  раҳбарлигидаги тарғибот гуруҳи аъзолари Пастдарғом туманидаги умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари ва педагогик жамоаси ўртасида “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Куни кеча худди шундай тадбир Пастдарғом туманидаги 1-2-3-31 ҳамда 43 – умумтаълим мактабларида ўтказилди. Бундай тадбирлар   вилоятнинг Каттақўрғон, Пайариқ ҳамда Самарқанд туманларидаги умумтаълим ўрта мактабларида ҳам олиб борилади. Тадбирдан асосий кўзланган мақсад эса ёшларда ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтириш, юртга садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизга ҳурмат    руҳида тарбиялашга қаратилгандир.  

Абдушукур Ҳамзаев,
Самарқанд қишлоқ хўжалик
институти маънавият ва маърифат
ишлари бўйича проректори

                                  

 
< Prev   Next >
The latest news
Ma'lumotlar bazasi
1. Elektron o'quv-uslubiy majmualar.
2. O'quv jarayoni monitoringi avtomatlashtirilgan axborot tizimi.
3. Ilmiy ishlarni monitoringini yuritish dasturi.
4. Xodimlar ma'lumotlar bazasi.